“.UZ” домени фаолияти сарҳисоб қилинди

28.12.2018

2018 йил – “.UZ” миллий домени учун сермаҳсул бўлди. Жорий йил қайд этилган 24.1 % ўсиш суръати қарийб 12 523 та домен номини ташкил этади. Шунингдек, 23 482 тадан кўпроқ янги доменлар рўйхатга олинди, улардан ўчирилган доменлар сони – 10959 тани ташкил этади. Якунланаётган йилда “.UZ” домени ҳудудида фаолиятда бўлган доменларнинг умумий сони – 65 000 тадан ортиқ домен номларини ташкил этади.

Якунланаётган йил “.UZ” домени учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди, чунки, 20-21 сентябрда Тошкент APTLD – Осиё Тинч океани минтақаси юқори даражадаги доменлар миллий ассоциацияси (Asia Pacific Top Level Domain Association) 20-юбилей Саммитига мезмонлик қилди. Ушбу Саммитнинг айнан Тошкентда ўтказилиши – давлат, бизнес ва жамоат ташкилотларининг “.UZ” домени ҳудудини ривожлантириш ишидаги саъй-ҳаракатлари ва интилишларининг эътирофидир.

Бундан ташқари, “UZINFOCOM ягона интегратори” МЧЖнинг Рўйхатга олувчи сифатида домен номларини рўйхатга олиш бўйича фаолиятининг тўхтатилиши 2018 йилдаги стратегик қарорлардан бири бўлди. Ушбу қарор “UZINFOCOM ягона интегратори” МЧЖнинг .UZ доменида рўйхатга олувчилар ва Маъмурият ўртасидаги аниқ тақсимланган функсияга риоя этилиши, рўйхатга олувчиларнинг рақобатбардош тармоғини ривожлантириш, домен номларини рўйхатга олиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича хизматларни марказлашмаган тизимга ўтказиш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, рақобат муҳитини таъминлаш, домен номларини рўйхатга олиш бозорида кўрсатилаётган хизматларнинг сони ва сифатини ошириш ҳамда “.UZ” ҳудуди асосий реестрини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга кўмак беради.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги