Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан яна бир китоб нашрдан чиқарилди

11.09.2020

Пойтахтнинг Ўзбек тили ва адабиёти университетида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Фанлар академияси ҳамкорлигида “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу қўлланмада ташкилот ва муассасаларнинг иш юритиш фаолиятида энг кўп қўлланиладиган ҳужжатлар, уларни тузиш тартиб-қоидалари масалаларига алоҳида эʼтибор қаратилган. Ҳужжатлар тегишли намуналар билан кўрсатилган, қолаверса мазкур қўлланмада иш юритишга оид луғатлар акс эттирилган.
Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири А.Қирғизбоев қўлланма ҳақида фикр билдирар экан, китоб биринчи навбатда, ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларига, бошқарув фаолиятида бевосита ҳужжат устида ишловчилар, котиблар, ходимлар билан ишлаш хизмати вакиллари учун иш юритишда асосий манба сифатида фойдаланиш мумкинлиги таʼкидланди. Китоб муаллифларининг саʼйи-ҳаракатлари, меҳнатлари эʼтироф этилди.
Бу қўлланманинг тўққизинчи тўлдирилган ва такомиллаштирилган нашри ҳисобланади. Ҳозирда 3000 нусхада чоп эттирилган бўлса, ададини янада кўпайтириш режалаштирилаётганлиги айтиб ўтилди. Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига нашрдан чиқарилди.
Қўлланмани республика таʼлим муассасаларига, вазирликларга, давлат ва хўжалик идораларига, ҳокимликларга бепул тарқатиш режалаштирилган.

Манба: Ўзбeкистон Рeспубликаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш дeпартамeнти расмий веб сайтидан олинди.