АКТ соҳасида янги қўшма корхона ташкил этилди

08.08.2019

“Фаол инвеститсиялар ва ижтимоий ривожланиш йили” доирасида мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасида дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базалари ишланмалари билан шуғулланувчиларнинг ривожланиши учун тўғридан-тўғри инвеститсияларни жалб қилиш, уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида янги “INFORMATION TECHNOLOGY CENTER” МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилди. “Delta Telecom International I, LLC” (АҚШ) (устав капиталининг 51 фоизи) компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекистон Телекоммуникатсия тармоқларини бошқариш республика маркази” Давлат унитар корхонаси (устав капиталининг 49 фоизи) қўшма корхонанинг таъсисчилари ҳисобланадилар.
Қўшма корхонанинг асосий фаолият турлари қуйидагилар:
– турли бизнес жараёнларни автоматлаштиришга йўналтирилган дастурий таъминотлар ва иловалар ишланмаларини яратиш;

– турли вазифаларга йўналтирилган маълумотлар базаларини яратиш ва уларга хизмат кўрсатиш;

– турли ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, сервер ва бошқа тармоқ қурилмаларига хизмат кўрсатиш бўйича autsorsing хизматларини кўрсатиш.

Ташкил этилган қўшма корхона IMEI кодлари бўйича республикада мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимини жорий этиш лойиҳасида иштирок этиш билан ўз фаолиятини бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2018-йил 22-октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш тўғрисида”ги ҳукумат қарорига мувофиқ 1-апрелдан Ўзбекистондаги GSM-операторлари тармоқларида фойдаланиладиган барча мобил қурилмаларининг автоматик тарздаги бепул рўйхатга олиниши бошланди.

IMEI – мобил алоқа оператори мобил алоқаси тармоғида мобил қурилмани идентификатсия қилиш учун зарур бўлган халқаро ўзига хос идентификатсия коди ҳисобланиб, одатда, 15 та рақамдан иборат бўлади.

Лойиҳа ҳақидаги батафсил маълумот www.uzimei.uz порталида жойлаштирилган.

Манба: mitc.uz