Наманган вилоятида АКТни жорий этиш сифатини янада ошириш бўйича долзарб чора-тадбирлар белгиланди

05.03.2019

Президентимиз ҳудудларга ташрифи давомида доим чекка қишлоқ ва овулларгача кириб бориб, ижтимоий соҳа обектлари, оддий одамлар хонадонларида бўлиб, юзага келган реал вазият, аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан танишмоқда, муаммоларни бартараф қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар бермоқда.

Жамиятимиз тафаккур тарзида, ижтимоий жараёнларда улкан ўзгаришларга олиб келаётган ушбу ташаббусга ҳамоҳанг тарзда Президентимизнинг муайян вилоятга ташрифи арафасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ҳудудларда АКТни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тизимли равишда ўрганиб келинмоқда.

Жумладан, 27-28 феврал кунлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиков ҳудудда телекоммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида Наманган вилоятида бўлди.

Вилоятга ташриф доирасида Чуст, Тўрақўрғон, Косонсой туманлари телекоммуникация боғламалари ва мазкур туманларнинг почта алоқа боғламалари, тумандаги Андижон радиотелевизон узатиш марказининг “Косонсой” радиотелевизион стансияси фаолиятини яқиндан ўрганди. Косонсой туманидаги “Гурмирон”, “Намуна” МФЙ ҳудудларида жойлашган қишлоқ АТС орқали аҳолига кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари сифати ҳамда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, Соҳа раҳбари, Наманган шаҳрида Вилоят электромагнит мослашув хизмати томонидан амалга оширилаётган ишлар, Почта ва телекоммуникация боғламаларининг бўш турган биноларида компютер саводхонлиги ўқув курсларини ташкил этиш юзасидан жойларда хоналарни тайёрлаш ва таъмирлаш ишларининг бориши, Вазирликнинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси фаолияти ва у ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Вазир Ш. Садиков учрашувлар давомида мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантиришга ҳисса қўшиш, бунинг учун эса соҳа даромадларини ошириш, тармоқда фаолият юритаётган соҳа вакилларининг турмуш даражасини яхшилаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш ҳар бир раҳбарнинг олдида турган биринчи даражали вазифаси эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мавжуд имкониятлар ва ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳисобига қишлоқ жойларида аҳолига замонавий телекоммуникация хизматларини кўрсатиш бўйича Косонсой туманида амалга оширилган ишларга юқори баҳо берилиб, ушбу тажрибани ўрганиш ва республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга ошириш тавсия этилди.

Вилоятда соҳада эришилган натижалар билан биргаликда, ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммоли масалалар мавжудлиги, жумладан, кенг полосали портлардан фойдаланиш даражасини ошириш, кўрсатилаётган симли телекоммуникация хизматларининг сифатини янада яхшилаш, вилоятда мавжуд туристик обектларда Wi-Fi ҳудудларини жадал ташкил этиш, вилоятдаги соҳа корхоналарида тижорат ва маркетинг ишларини самарали йўлга қўйиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Анъанага кўра, Вазир томонидан узоқ йиллар давомида тармоқ ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимларини Вазирликнинг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги