Электрон кириш визаларини тақдим этиш тизими ишга тушди

10.07.2018

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги № ПФ-5326 сон фармони асосида, шу йилнинг 1 июлидан бошлаб интернет тармоғининг https://e-visa.gov.uz манзилида электрон кириш визаларини тақдим этишга мўлжалланган тизим синов режимида ишга туширилди.

Мазкур тизимни ишга туширишдан кўзланган бош мақсад мамлакатимизга кириш визаларини расмийлаштириш ва бериш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишдан иборат. Натижада, унинг ёрдамида юртимизга ташриф буюриш истагида бўлганлар онлайн усулда сўровномаларни тўлдириб, ҳужжатларни тақдим этиб, визани қўлга киритишлари мумкин. Бу жараёнларда улардан Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик корпус ваколатхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармаларига бориш талаб қилинмайди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги