АКТ хизматларининг сифатини назорат қилиш автоматлаштирилади

09.07.2018

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида телекоммуникация тармоқларида халқаро овозли трафик ўтказувчанлиги билан боғлиқ узилишларга қарши курашиш тизимига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Унда телекоммуникация операторлари, вазирлик тизимидаги масъул ташкилот ва мутахассислар иштирок этдилар.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев бошчилигида ўтган йиғилишда телекоммуникация хизматлари сифатини назоратга олишда тармоқларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларидан фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилишда телекоммуникация тармоқлари хизматларининг сифатини назорат қилишни автоматлаштириш бўйича аппарат-дастурий комплексни, ишланмалар яратиш ва техник талабномалар ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар ўрганилди.

Бундай учрашувлардан кўзланган мақсад телекоммуникация соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, миллий тармоқни барқарор ривожлантиришда ягона сиёсатни татбиқ этиш, оператор ва провайдерлар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини мунтазам назорат қилишдан иборат.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги