Вазир EPAM Systems президентини қабул қилди

28.06.2018

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев юртимизга ИТ-саноати имкониятларини ўрганиш учун ташриф буюрган EPAM Systems Директорлар кенгаши президенти Аркадий Добкин ҳамда кенгаш вакилларини қабул қилди.

Юртимизда дастур ишлаб чиқарувчилари учун қулай шароит яратиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун «Mirzo Ulugbek Innovation Center» (MUIC) Инновациялар макрази томонидан тадбирлар амалга оширилмоқда. EPAM Systems билан алоқаларнинг мустаҳкамланаётгани ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

Учрашувда ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш учун зарур шароитларни яратиш, ИТ-бизнесни юритиш, шунингдек соҳада инвестицион лойиҳаларни жорий қилишда ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Американинг EPAM Systems компанияси буюртма бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи ва ахборот технологиялари соҳасида консалтинг хизматларини кўрсатувчи жаҳоннинг нуфузли ИТ-компанияларида бири бўлиб, унга 1993 йилда асос солинган. EPAM Systems дастурий таъминот ишлаб чиқариш, тизимларни марказлаштириш, рақамли ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш, ахборот технологиялари ишланмаларини учун марказ ва лабораториялар ташкил қилади. Amazon, Google, IBM, Microsoft, Oracle, SAP ва бошқа йирик компаниялар унинг бош буюртмачилари ҳисобланишади.

Компания Белоруссия юқори технологиялар парки аъзоси. Тизимида 25 962 нафар ходим хизмат қиладиган EPAM Systems компаниясининг 2017 йилдаги йиллик маблағ айланмаси $1,45 млрд, асосий фаолиятидан олган даромади $172,9 млн АҚШ долларини ташкил қилган. Компания бўлинмалари дунёнинг 25 мамлакатида фаолият олиб боради, бош қароргоҳ АҚШ нинг Пенсилвания штатидаги Нютаун шаҳрида жойлашган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги