АКТ вазири LG CNS вице-президенти билан учрашди

25.06.2018

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев Кореянинг LG CNS компанияси вице-президенти Жонг Вун Юл билан учрашди. Учрашувда томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон ахборот технологиялари бозорининг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, «LG CNS Узбекистан» қўшма корхонаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда LG CNS компанияси имкониятлари ва тажрибасидан фойдаланиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 1987 йилда ташкил этилган LG CNS компанияси «LG Group»нинг шўъба корхонаси ҳисобланади. Ҳозирги кунда компания Жанубий Кореядаги энг йирик тизим интегратори ва мамлакатда электрон ҳукумат ташаббусларини илгари сурувчи локомотив ҳисобланади. Бундан ташқари, Корея электрон ҳукуматида ахборот тизимлари ва дастурий таъминотни жорий қилиш бўйича ишларнинг 60 фоиздан зиёди LG CNS ҳиссасига тўғри келади.

Компания, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида, хусусан консалтинг, тизим интеграцияси, тармоқ интеграцияси, бизнес жараёнлар ва ахборот технологиялари аутсорсинги каби йўналишларда хизмат кўрсатади. «LG CNS Uzbekistan» қўшма корхонаси Ўзбекистонда реал иқтисодиёт ва электрон ҳукумат учун ахборот тизимлари ва дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш учун 2014 йилда ташкил этилган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги