Телекоммуникация тармоқларини модернизациялаш ва ИТ-технологияларни ривожлантиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

03.12.2018

2018-йил 30-ноябр куни “Ўзекспомарказ” МКМда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Ўзбектелеком” АК томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи бўйича АКТ соҳасида топшириқларни амалга ошириш кетма-кетлиги” ҳисобот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманни ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров кириш сўзи билан очди.

Тадбирда жамоатчилик, мамлакатимиз операторлари ва провайдерлари, “Ўзбектелеком” АК ҳамкорлари ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи ОАВларига Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғининг бажарилиши ҳамда компаниянинг телекоммуникация тармоқларини модернизация қилиш, ташқи каналларни кенгайтириш ва янги чексиз тариф режаларини жорий этиш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида маълумот берилди.

2018-йилнинг 9-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганди. Мамлакатимиз Президенти масъул шахсларга интернет тармоғига уланиш нархини пасайтириш, шунингдек, уланиш тезлигини ошириш топшириғини берганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғининг бажарилиши мақсадида “Ўзбектелеком” АК ходимлари томонидан мавжуд инфратузилмаларни тизимли таҳлили ўтказилди ва тармоқни ривожлантиришда сифатли қайта ташкил этиш қарори қабул қилинди, техник қурилмаларни эволюцион янгилаш режаси батафсил ишлаб чиқилди.

“Ўзбектелеком” АК томонидан “Халқаро пакетли коммутация марказлари ва маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида Халқаро пакетли коммутация маркази комплекслари модернизация қилинди ва шундан кейин ХПКМ комплексларининг умумий ўтказиш қобилияти 10 марта: ўзгартирилган трафиги эса 110 Гбит/с.дан 1200 Гбит/с.га оширилди.

Шунингдек, йил бошида интернет хизматларининг минтақавий бозорини ривожлантириш учун “Ўзбектелеком” АК операторлар ва провайдерлар учун интернет-каналида тарифнинг нархини 3 баробар пасайтирди.

“Ўзбектелеком” АК 2018-йил 1-декабрдан бошлаб янги кафолатланган чексиз тариф режаларини ишга туширади. Ўзбекистонда биринчи марта 2 Мбит/с. тезликка эга кафолатланган чексиз интернет нархи ойига 88 000 сўмни ташкил этади, бу олдинги шундай тариф режадан 2 мартадан ортиқ арзонроқдир.

Бундан ташқари, энди тариф режаларида “гача” қўшимчаси мавжуд бўлмайди, бу танлаб олинган тариф режаси бўйича тезликнинг кафолатланишини англатади. Энди 1Мбит/с =1Мбит/с. эканлигини англатади.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялар йили”да УЗТЕЛЕКОМ ҳам кичик ва ўрта бизнес субектларини қўллаб-қувватлайди. 1-декабрдан компания абонентларга: “Teznet Business” ва “Tadbirkor” янги тариф режалари серияларини тақдим этади.

Ўзбекистонда ИТ-соҳасини ривожлантириш давом эттирилади. Асосийси, мамлакат ҳудудини тармоқ билан қамраб олиш даражасини ошириш учун: 2025-йилгача 220 минг километрдан ортиқ оптик кабел ётқизиш белгиланган. Хусусан, маълумотлар узатиш тармоғига замонавий технологияларни фаол жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кенг полосоли оптик тармоқларни ривожлантириш ва АК магистрал ва мултисервисли маʼлумотларни узатиш тармоғини кенгайтириш мақсадида, “Ўзбектелеком” АК, Ўзбекистон Республики Вазирлар Маҳкамаси 2018-йил 23-ноябрда “Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Япониянинг тижорат банклари кредитига хизмат кўрсатиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 951-сонли қарорни қабул қилди. Қарорга мувофиқ, Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ва Сумитомо Митсуи Банкинг Корпоратион (SMBC) иштирокида “Магистрал ва мултисервисли маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш” ва “Коммутация марказларини ИМС (IP Multimedia Subsystems) технологияси бўйича такомиллаптириш” инвестицион лойиҳалари амалга оширилади.

Шунингдек, 2019-йилдан бошлаб “Ўзбектелеком” АК ADSL тармоғини ривожлантиришни тўхтатади ва FTTx технологияси бўйича тармоқни ривожлантириш учун барча кучларини йўналтиради. Компания режаларида абонентларни FTTx технологияси бўйича босқичма-босқич улаш ва ҳар бир фойдаланувчига юқори сифатли интернет хизматларини тақдим этиш белгиланган.

Лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини қисқа муддатларда Ўзбекистоннинг барча минтақаларида мисли тармоқдан кенг полосали оптик тармоқларга уланишга ўтказиш имконини беради. Магистрал ва мултисервисли маълумотларни узатиш тармоғини кенгайтириш “Ўзбектелеком” АК интернет тармоғига уланиш нархини пасайтириш бўйича ишларни давом эттириш имконини беради.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги