Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Германия билан ҳамкорлик кенгаймоқда

15.01.2019

2019 йилнинг 14 январ куни Ўзбек-Герман бизнес форуми доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиков томонидан бир қатор учрашувлар ўтказилди ва германиялик ҳамкорлар билан инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида келишувлар имзоланди.

Тадбир доирасида Германия билан замонавий ИТ-технологияларини жорий қилган ҳолда, Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини янада кучайтириш, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳолатларига замонавий фото-видео қайд этиш воситаларини жорий қилиш борасида немис ҳамкорларининг иштирокини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида инвестициявий лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йилд 30 октябрдаги 3989-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари АТЛАС Интернатионал компаниялар гуруҳи билан биргаликда истиқболли вазифаларни бажариш юзасидан яқиндан иш олиб бормоқда.

Инвестициявий лойиҳани келгусида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, “Ўзстандарт” Агентлиги ва “АТЛАС Интернатионал” компаниялар гуруҳи томонидан “Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати қоидалари бузилишларини фото-видео қайд этиш автоматлаштирилган тизими” инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш бўйича Келишув имзоланди.

Бизнес форум доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиков АКТ соҳаси ва бошқа йўналишларда немис компанияларининг ечимларини кенг жорий этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш бўйича “SIEMENS AG”, “DETECON”, “NOKIA”, “GEMALTO AG” компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Германиянинг йўл ҳаракати қоидаларини таъминлаш борасида замонавий тизимларни жорий қилиш бўйича етакчи позицияларда эканини ҳисобга олиб, мамлакатимиз немис компаниялари билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги