Давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

17.12.2018

2018 йил 13 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги электрон ҳукумат ҳамда давлат бошқарувида ахборот тизимларини жорий этиш, ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида ваколатли орган этиб белгиланди.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига 2019 йилнинг 1 майига қадар “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш концепцияси лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминлаш юклатилган.

Шунингдек, мазкур Фармонга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб давлат органлари, ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун ўз хизмат вазифаларини бажаришда, жумладан, хорижда бўлиш вақтида, алоқанинг махфийлиги, тезкорлиги, хавфсизлиги ва телекоммуникация хизматларига сарфланадиган бюджет маблағларининг тежалишини таъминлайдиган ҳукумат мобил алоқаси тизимидан фойдаланилиши мажбурий ҳисобланади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги